Қарши шаҳридаги «Она ва бола маркази»да аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни олдини олиш мақсадида маҳаллада “Соғлом оила” хоналарини ташкил этиш ҳамда мутахассислар малакасини халқаро мезонлар асосида ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Баситханова, Туркиянинг Соғлиқ билимлари университетидан профессор Арзу Ирбан, туркиялик малакали мутахассислар Режеб Кемичи ва Арслан Марҳабохоннинг мавзуга доир фикрлари тингланди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, таълим ва тиббиёт соҳасида кадрлар салоҳиятини ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, тиббий бригада дояларини халқаро талабларга мос равишда ўқитиш айни кунлардаги муҳим вазифалардир.
Йиғилишда халқаро миқёсда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кадрларни тайёрлаш, маҳаллаларда “Соғлом оила” хоналарини ташкил этиш, бунинг учун Беларусь ва Туркия мутахассисларини жалб этган ҳолда Қашқадарёда бирламчи амбулатор тизимда фаолият юритаётган 900 нафар дояни халқаро протоколлар асосида “Соғлом оилани шакллантириш” дастури бўйича ўқитиш режалаштирилди.


Айни пайтда улардан 180 нафарини ўқитиш бошланди.
Ўқув жараёнига тажрибали педагог ва тренерлар жалб этилган. Ўқув курсни тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга халқаро талабларга мос равишда сертификатлар тақдим этилади.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.